05.09.2022 / O'zbekiston

Ўзини ўзи банд қилганлар учун фаолият турлари рўйхати кенгайтирилди

Ўзини ўзи банд қилганлар учун фаолият турлари рўйхати кенгайтирилди

1 ноябрдан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхати яна 10 тага ортади. Уларнинг орасида — риэлторлик хизматларини кўрсатиш, уй-рўзғор буюмларини ижарага бериш, автомобиль бозоларида воситачилик қилиш, кулолчилик ва бошқалар мавжуд.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 30 августдаги қарори билан якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхати кенгайтирилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги («Норасмий бандлик улушини қисқартириш ва замонавий ёндашувлар асосида меҳнат ресурслари балансини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 366-сонли президент қарори) хабар бермоқда.

Ҳужжатга кўра, 1 ноябрдан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) рўйхатига яна 10 та фаолият тури киритилди:

  • уй ҳайвонлари (қорамол, қўй, эчки, от ва бошқалар) бозорларида воситачилик хизмати;
  • автомобиль бозорларида воситачилик хизмати;
  • риэлторлик хизматини кўрсатиш (ижарага уй топиб бериш, уй сотиб олиш ва сотишга кўмаклашиш);
  • уйда сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш ва сотиш хизмати;
  • маиший буюмларни ижарага бериш хизмати (стол-стул, идиш-товоқ, асбоб-ускуна ва бошқалар);
  • гипс ва ганчдан буюмлар ясаш (уй жиҳозлари, эртак қаҳрамонлари ҳайкалларини ясаш);
  • тош ва тош маҳсулотларидан ёдгорлик, сувенир ва декоратив буюмлар тайёрлаш;
  • ёғоч маҳсулотларидан сават, нон маҳсулотлари учун махсус идиш ва бошқа буюмларни тўқиш;
  • уй шароитида пилла етиштириш, шахсий томорқа ер участкасида тут меваси, ниҳоли ва кўчатини етиштириш, уйда ипак мато, ипак гилам тўқиш ва сотиш;
  • кулолчилик.

2023 йил 1 январдан ЯТТлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар учун ижтимоий солиқ суммасининг энг кам миқдори ойига БҲМнинг 50 фоизидан йилига БҲМнинг бир бараваригача камайтирилади (савдо мажмуалари ва бозорларда фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар бундан мустасно).

Ушбу санадан бошлаб ўзининг шахсий томорқа ер участкасида қуйидаги фаолият турлари билан шуғулланаётган фуқаролар томонидан йилига БҲМнинг камида 1 баравари миқдорида ижтимоий солиқ тўланган тақдирда, улар расмий банд бўлган аҳоли тоифасига киритилади ва ушбу давр уларнинг меҳнат стажига қўшилади:

  • чорвачилик (қорамол, қўй, эчки, от ва бошқалар);
  • иссиқхона;
  • паррандачилик (бедана, курка, ғоз, ўрдак);
  • қуёнчилик;
  • асаларичилик;
  • балиқчилик;
  • боғдорчилик;
  • лимончилик;
  • гулчилик.
"Газета.uz"