13.10.2021 / O'zbekiston

МЕҲНАТ ҚОНУНЧИЛИГИ БАНДЛИК МАРКАЗИДА БУЗИЛСА...

МЕҲНАТ ҚОНУНЧИЛИГИ БАНДЛИК МАРКАЗИДА БУЗИЛСА...

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 124-моддасида ходим учун белгиланган кундалик иш (смена) муддатидан ташқари ишлаш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади.

Иш вақтидан ташқари ишлар ходимнинг розилиги билан қўлланилиши мумкин.

Иш сменасининг муддати ўн икки соатдан иборат бўлганида, шунингдек меҳнат шароити ўта оғир ва ўта зарарли ишларда иш вақтидан ташқари ишларга йўл қўйилмайди.

Иш вақтидан ташқари ишга жалб этиш ушбу Кодекснинг 220- моддаси бешинчи қисмида ва 228,245-моддаларида белгиланган чеклашларга риоя этган ҳолда амалга оширилади.

Иш вақтидан ташқари бажарилган иш учун компенсация ва ҳақ тўлаш ушбу Кодекснинг 157-моддасига мувофиқ амалга оширилади.

Бувайда тумани бандлик бўлими бошлиғи Кодекснинг бу моддасини ўқиганмикан?

Чунки иш вақтидан ташқари ишда ишлаган ходимлар ўша кун учун ҳеч қандай қўшимча рағбат ёки ортиқча тўлов олмаганликларини айтмоқдалар.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев   10 май куни «Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида"ги ПҚ-5110-сонли қарорга имзо чеккан эди. Ва Рамазон Ҳайити 13 май кунига белгиланди. Кетма-кет 4 кун дам олиниши Президент қарорида таъкидланган эди. 13 май — пайшанба куни Рамазон Ҳайити. 14 май (жума) ҳамда 15 май (шанба) кунлари қўшимча дам олиш куни деб эълон қилинганди.

Шунингдек, Президентнинг 10 майдаги ПФ-6222-сонли Фармони асосида 2021 йил 14 май (жума) ҳамда 15 май (шанба) кунлари қўшимча дам олиш куни деб эълон қилинди.

Бундан келиб чиқиб, ўзбекистонликлар Рамазон Ҳайити муносабати билан кетма-кет 4 кун дам олишган эди.

·         13 май, пайшанба — Рамазон Ҳайитининг биринчи куни (ишланмайдиган байрам куни);

·         14 май, жума — қўшимча дам олиш куни (барча учун);

·         15 май, шанба — қўшимча дам олиш куни (барча учун);

·         16 май, якшанба — умумий дам олиш куни.

Аммо қарор ва фармонга зид ҳолда Бувайда тумани Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ишчи-ходимлари 14 май куни ишга жалб этилган. Яъни улар мажбуран ишлатилган.

Бу ҳақда марказнинг телеграм ижтимоий гуруҳида берилган топшириқлардан ҳам билиб олса бўлади. Бошлиқ ходимларни кеч соат 18-19 гача ишлашга, маълумот тайёрлашга мажбурлаган.

Энди савол туғилади.

Майли ходимлар ишлабди. Юқоридан берилган топшириқларни бажаришибди. Уларга қонунда баён этилганидек қўшимча тўловлар тўлаб берилганми?

- Йўқ, - деди исми сир қолишини истаган ходим. – Исмимни айтсангиз ташкилот раҳбари мени ҳам турли баҳоналар билан ишдан бўшатиб юбориши мумкин. Сабаби, биз ўзимиз меҳнаткашларнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қиладиган ташкилот бўлсак ҳам, бизнинг ҳуқуқимизни, меҳнат шароитларимизни ҳеч ким ҳимоя қилмайди. Раҳбарнинг ноқонуний талабларига бўйсунмаган ходимлар турли баҳоналар билан ишдан бўшатилади. Масалан, давлат меҳнат ҳуқуқи инспектори Зафар Қурбонов, яна бир ходимимиз Аҳрор Холматовларнинг бошига шундай кун тушди.

-Нега 2021 йил 14 май куни бўлган ҳолатни энди орадан шунча вақт ўтиб очиқлаяпсиз, - деган саволимизга ходим – чунки агар ўша пайтда бу мавзу ҳақида гапирганимда, раҳбарлар бизга дарров Меҳнат кодексида кўрсатилганидек, қўшимча тўлов қилишар, уни буйруқлаштириб, ходимларнинг ёзма розилигини олиб, гўёки мажбурий меҳнат бўлмагандек ҳамма ҳужжатларни текислаб қўйишарди. Энди орадан шунча пайт ўтиб гапираётганимга келсак, ҳозир мутасадди ташкилотлар агар текшириш ўтказишса, ишхонамизда меҳнат қонунчилиги бузилганлиги исботланади.

Гапимиз ёлғон эмаслигини исботловчи скриншотни ҳавола қилар эканмиз, бу ҳақда Фарғона вилояти бандлик бошқармасидан бу ҳолатга изоҳ сўраймиз.

   slide-33.jpg