24.09.2020 / O'zbekiston

Яна бир хусусий бандлик агентлигига чув тушган фуқаролар бош вазир қабулига йиғилди. Зарар миқдори 9 млрд сўмга яқин

Яна бир хусусий бандлик агентлигига чув тушган фуқаролар бош вазир қабулига йиғилди. Зарар миқдори 9 млрд сўмга яқин

Бугун, 21 сентябрь куни «Profelite IMP xususiy bandlik agentligi» МЧЖдан пулини ололмаётган ўнлаб фуқаролар Тошкентга тўпланишди. Улар ўз пулларини ундириш кечикаётганидан норози бўлиб, бош вазир қабулига келишган.


6 ой ичида Жанубий Кореяга ишга юборишини айтиб, миллиардлаб сўм маблағни ўзлаштирган «Profelite IMP хусусий бандлик агентлиги» раҳбари Иброҳим Жонузоқовга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган фирибгарлик) билан сиртдан айблов эълон қилинган ва сиртдан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, қидирувга берилган.

Тергов ҳужжатларига кўра, Иброҳим Жонузоқов 2017 йил январь ойидан 2019 йил август ойига қадар бўлган вақт оралиғида «Profelite IMP» хусусий бандлик агентлигини ташкил қилиб, 300дан ортиқ фуқарони Жанубий Кореяга ишга юборишни ваъда қилган. Улардан жами 9 миллиард сўмга яқин пул маблағларини олиб, ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Жорий йилнинг 14 сентябрь куни Жиноят ишлари бўйича Сергели тумани судининг иш бўйича ҳукми чиққан. Суд ҳукмни 24 сентябрдан кучга киришини маълум қилди. Ҳукм кучга кирганидан сўнг, ижрога қаратилади.

Aниқланишича, етказилган зарар 9 млрд сўмга яқин. Лекин ҳозирча бандлик агентлигининг вазирлик ҳисоб рақамига депозитга қўйган 50 минг AҚШ доллари ва «Лаcетти» русумли автомашинасидан бошқа мулки йўқ.

Фуқароларнинг хавотири ҳам шунда. Яъни етказилган зарар 9 млрд.га яқин, аммо хатланган мулк ундан анча кам. Суд ҳукмига биноан, мавжуд пул маблағлари фуқароларга пропорционал тарзда қайтарилади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов

Фуқаролар билан учрашувга келган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқовнинг сўзларига кўра, фуқароларга етказилган зарар тўлиқ қопланади. Зарарнинг қўшимча қисми Меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали тўлаб берилади. Жамғармага пул маблағлари давлат бюджетидан ўтказилиши маълум қилинди.

Воқеа жойида бўлган Kun.uz мухбирининг хабар беришича, фуқароларнинг эътирозлари ҳукумат вакиллари томонидан тингланди. Якунда фуқаролардан 5 киши танланиб, бош вазир қабулига киритилишига келишилди.
 
KUN.UZ