02.10.2022 / O'zbekiston

“Шу ёшга кириб бир марта “давления” ўлчатмадим” – бир кунда 200 кг пахта тераётган қувалик аёл

“Шу ёшга кириб бир марта “давления” ўлчатмадим” – бир кунда 200 кг пахта тераётган қувалик аёл

Фарғона вилояти Қува тумани далаларида пахта йиғим-терими авжи паллага кирган. Бир пайтлар талаба, ўқитувчи ҳамда шифокорлар қилган иш бугунги кунга келиб қишлоқ аёлларидан ортмаяпти. Пенсияга чиққан аёллар ҳам 200 килограммгача пахта териб бир кунда 300 минг сўмгача даромад топяпти. 58 ёшли Дилором Йўлдошеванинг бир қиз ва бир ўғли бор. 1 ярим миллион сўм пенсия олади. Шунга қарамай меҳнаткаш қишлоқ аёли пахта терими бошланишини ҳар йили интиқлик билан кутади. Рўзғорга қўшимча даромад киришини хоҳлайди.


Туманнинг “Оққўрғон” МФЙда жойлашган “Қувноқ Фарангиз” Фермер хўжалигига қарашли далада 80 нафарга яқин маҳаллий аҳоли вакиллари пахта термоқда. Дилором Йўлдошева теримчилар орасида энг чаққонларидан бири экан.

“Бир кунда 150-200 килограммгача пахта теряпман. Аввал ҳокимият тизимида ишлаганман. Ташкилотларга гул тарқатиш билан шуғулланар эдик. Пахта тераётганлар орасида пенсия ёшига етган аёллар кўпчиликни ташкил қилади.

Пулларимизни ҳар 3-5 кунда бериб турибди. 2-3 Фермер хўжаликлари режасини тўлдирдик. Кўп терганимиз учун мукофотлар тарқатиляпти.

Яратганга шукр, бир кунда 200 минг сўмдан ошиққа ишлаяпман. Бир оиладан икки-уч нафар теримчи чиқса 300 мингдан 500 минг сўмгача пул топишяпти.

Ҳар куни эрталаб соат 6:30-7:00 ларда далага келиб кечки пайт 17:30-18:00ларда уйга қайтамиз. Бу вақт орасида 200, айримлар эса 250 килограммгача пахта теради.

Пахта ҳосили яхши бўлгани учун теримда қийинчилик бўлгани йўқ. Орада икки мартадан овқатланамиз. Ёшликдан меҳнатда чиниққанмиз. Шунинг учун ҳам шу ёшга кирган бўлсам-да терим иши унчалик қийинчилик туғдирмайди.

Олган пулларимни яхши ниятларда тўйларга сарф қилмоқчиман. Энг аввало замонимиз тинч бўлсин. Ҳамма ният-мақсадига етсин. Ҳаж зиёратларига боришни ният қилиб турибман. Меҳнат ортидан маблағ йиғиб насиб қилса борамиз.

Ўғлим ҳам халқ хизматида. Сомса ёпади, новвойчилик қилади. Турмуш ўртоғим, ўғлим толиқиб қоласиз, пахтага чиқманг дейишади. Лекин уйда қолсам касал бўлиб қоламан. Доим меҳнат қилиб юрганим учун соғлом юраман. Меҳнаткаш одамнинг томирида қон юриб туради. Касалликка камроқ чалинади. Шу ёшга кириб бир марта “давления” ўлчатмаганман. Бир таблетка ёки укол олмаганман. Яратганга шукр, тан-у жоним соғ.

Ҳозир далада 20 нафарга яқин пенсияга чиққан аёл мен билан бир сафда ишлаяпти. 1 млн 500 минг пенсия пули оламан.

Ўтган куни 5 кунлик иш ҳақимга 2 миллион сўмдан ошиқ пул олдим. Пенсия пулига қўшиб пахтада ишлаган пулларимни жамғариб боряпман. Аёлларни кассаси бўлади-да, ўтиришлар бўлади опа-укалар орасида. Жигарларим кўп. Ўзбекнинг тўйи кўп. Топган пулимнинг бир қисмини шуларга сарфлайман.

Пахтада энг қийини кўп терган кунимиз чойшабни тракторгача олиб бориш”, – дейди Дилором Йўлдошева.

Эътиборга молик жиҳати Оққўрғон қишлоғида аёллар кўчада велосипед ҳайдаб юришар экан. Пахта майдонига ҳам аксарият аёллар велосипедда қатнашмоқда.

“Қишлоқ аҳли меҳнаткашлиги учун коронавирус қишлоққа ўз “ҳукмини” ўтказа олмади”, – дейди пахта тераётган аёллардан бири.

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири
Монтаж устаси: Абдувоҳид Абдусалимов.

KUN.UZ