16.04.2021 / O'zbekiston

Савдогар аёлларнинг буюмларини тортиб олган солиқчилар ишдан олинди

Савдогар аёлларнинг буюмларини тортиб олган солиқчилар ишдан олинди

Кўчада сотувчилик қилаётган аёлларнинг буюмларини тортиб олган солиқчилар бўйича тарқалган видеодан сўнг, Олмалиқ шаҳар давлат солиқ инспекциясининг 11 нафар ходими вазифасидан озод этилди. Шу билан бирга, Тошкент вилояти ДСБ бошлиғи ўринбосари ҳамда Олмалиқ шаҳар давлат солиқ инспекцияси бошлиғига ҳайфсан берилди.

Олмалиқда кўчада сотувчилик қилаётган аёлларнинг буюмларини тортиб олиб, машинага юклашга уринган cолиқ органи ходимлари ишдан олинди. Бу ҳақда Давлат солиқ инспекцияси матбуот хизмати хабар берди.

«Видеода тарқалган ҳолатлар Давлат солиқ хизмати органлари олиб бораётган сиёсатга тўғри келмайди. Солиқ органлари ҳеч қачон фуқароларга нисбатан куч ишлатар тизимдан ёки куч ишлатиш воситаларидан фойдаланишга йўл қўймайди. Солиқ органлари аксинча солиқ тўловчиларга кўмакчи бўлиб, уларнинг қонуний фаолият юритишларига амалий ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилади», — деди Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Музаффар Назаров Zamon дастурига берган интервьюсида.

Давлат солиқ қўмитаси томонидан ижтимоий тармоқларда тарқалган видео бўйича тезкор текширув ўтказилди.

Унга кўра, Олмалиқ шаҳар давлат солиқ инспекциясининг 11 нафар ходими, жумладан, воқеада бевосита иштирок этган уч нафар солиқ инспектори ишдан бўшатилди ва уларнинг барча махсус унвонлари бекор қилинди. Шу билан бирга, Тошкент вилояти ДСБ бошлиғи ўринбосари ҳамда Олмалиқ шаҳар давлат солиқ инспекцияси бошлиғига ҳайфсан берилди.

Хабарга кўра, «Солиқчи-кўмакчи» тамойили асосида шу пайтга қадар ноқонуний фаолият юритган фуқароларга тегишли ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб, фаолияти қонунийлаштирилди. Уларга Олмалиқ шаҳридаги савдо марказидан тегишли жой ажратиб берилди. Шунингдек, кредит олишда амалий ёрдам кўрсатилиб, улардан бирига тикув машинаси ҳадя этилди.

Gazeta.uz