10.12.2022 / O'zbekiston

Фарғонада газдан узилгани учун норозилик уюштирган завод ишчилари қамалди

Фарғонада газдан узилгани учун норозилик уюштирган завод ишчилари қамалди

Фарғонада газ қувуридан узилган гипс заводининг норозилик уюштирган ишчилари маъмурий жавобгарликка тортилди. 1 нафар ишчига 10 сутка, қолган 6 нафарига эса 5 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Жорий йил 29 ноябрь куни аҳолига табиий газни кўпроқ етказиб бериш мақсадида вилоятнинг Ўзбекистон туманида жойлашган «ALBUS» гипс ишлаб чиқарувчи заводи шартнома шартларига биноан газ қувуридан узилган.

Фарғона вилояти ИИБнинг хабар беришича, 6 декабрь куни ушбу заводнинг 20 нафар ишчиси «ҳолатни нотўғри талқин қилиб, ўзбошимчалик билан жамоат тартибига қарши» норозиликлар уюштирган.

Ҳолат юзасидан Ўзбекистон туман ИИБ томонидан заводнинг жами 7 нафар ишчиларига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ҳамда 201-моддаси (йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш) билан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, суд органига тақдим қилинган.

ЖИБ Ўзбекистон туман суди 7 декабрь куни ҳуқуқбузарларнинг 1 нафарига 10 сутка, 6 нафарига 5 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинлаган.

Аввалроқ, фарғоналик блогер Олимжон Ҳайдаров вилоятдаги саноат корхоналари газ узиб қўйилиши оқибатида 10 минглаб аҳоли ишсиз қолаётгани, улар газ улаб берилишини сўраб, кўчага чиқишаётгани ҳақида видеоролик эълон қилган эди.

Фарғона вилояти ИИБнинг қўшимча қилишича, видеода «ходимлар келишувга кўра атайин эҳтиросли сўзлар, чалғитувчи гаплар ва кескинлик ёрдамида, шунингдек ҳақиқатга тўғри келмайдиган ахборотлар орқали» мурожаат етказилган ва тарқатилган.

«Тарқатилган видеода ва унга берилган изоҳларда бошқа заводларда газ ўчирилмагани, бу масалага мансабдор шахсларнинг алоқаси борлиги ва 10 минглаб ишчилар ишсиз қолаётганлиги важ келтириб, ноаниқ ва ҳақиқатга мос бўлмаган ахборот ҳам тарқатилган», - дейилади ИИБ ахборотида.

Шунингдек, ИИБ «аудиториясини кенгайтириш ва давлат органларини обрўсизлантириш мақсад қилинган» ушбу видеоролик юзасидан таҳлил қилиш ишлари давом этаётганини билдирди.

KUN.UZ