08.02.2020 / O'zbekiston

Cotton Campaign Ўзбекистонга эълон қилган «бойкот»ни бекор қиладими?

Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ва пахта етиштириш, уни териб олиш билан боғлиқ ижобий ўзгаришлар бор. Бироқ, Cotton Campaign халқаро коалицияси вакили Bennett Freeman сўзларига кўра, ҳали қилинадиган ишлар кўп. У Kun.uz мухбири билан суҳбатда шулар ҳақида сўз юритди.



-        Cotton Campaign халқаро коалициясининг пахта меҳнати билан боғлиқ шароитларни яхшилаш учун Ўзбекистон ҳукуматига тавсиялари нималардан иборат?

-        Cotton Campaign халқаро коалицияси 2018 июнь ойида ўзининг қуйидаги 3 асосий масалага доир қарашлари ва тавсияларини қамраб олган ислоҳотлар «йўл харитаси»ни ишлаб чиқди ва ўзбек ҳукуматига тақдим этди. Булар, биринчидан пахта билан боғлиқ тизимли мажбурий меҳнат ҳолатларига барҳам бериш; иккинчидан, мажбурий меҳнатга барҳам беришда зарур бўлган тузилмавий ислоҳотларни кучайтириш ҳамда учинчидан, пахта йиғим-терими пайтида мажбурий меҳнатни мониторинг қилишда фуқаролик жамиятларини қўллаб-қувватлаш билан бирга, уларнинг ислоҳотлар жараёнига очиқ ва эркин тарзда бевосита жалб қилинишига имкониятлар яратишдир.

Шундай қилиб, биз дастлабки икки соҳада, мажбурий меҳнатга барҳам беришда сезиларли ютуқларни кўрдик. Бугунги кунда Халқаро Меҳнат Ташкилоти томонидан ўтказилган мониторинг натижалари сезиларли ютуқларга эришилганини кўрсатмоқда. Cotton Campaign халқаро коалициясининг муҳим ҳамкори бўлган Ўзбекистон-Германия форуми томонидан шу ҳафтанинг бошида чоп этилган дастлабки натижалар, тўлиқ бўлмаса-да, бу соҳадаги муҳим тараққиётни кўрсатиб турибди. Шунга қарамай, Халқаро Меҳнат Ташкилоти ҳисоботи ҳам муаммолар мавжудлигини тасдиқлайди.

Шундай қилиб, мажбурий меҳнатни янада қисқартириш ва бутунлай йўқ қилиш керак, яширин мажбурий меҳнат, шу жумладан, кластерларда ҳам бўлмаслиги керак. Аммо биз кеча кечқурун президент томонидан қабул қилинган ва бугун қишлоқ хўжалиги вазири томонидан 2020 йилда пахта етиштириш бўйича давлат буюртмаси бўлмаслигига доир жуда муҳим баёнотни эшитдик. Бу жуда ижобий, жуда конструктив қарор.

Биз учун кўпроқ ривожлантиришимиз керак бўлган фуқаролик жамиятида нафақат пахта билан боғлиқ жараён муҳим, балки фермерларга, ишчиларга, мустақил касаба уюшмаларига, ҳокимлар ва иш берувчиларга мустақиллик бериш аҳамиятлидир.

Бу ерда катта муаммо бўлган меҳнат ҳуқуқлари ва инсон ҳуқуқлари соҳасида фаолият юритувчи ННТ ва бошқа гуруҳларни кўришни хоҳлаймиз. Аммо, Cotton Campaign халқаро коалициясидаги менинг ҳамкасбларим сингари ислоҳотларнинг ривожланиши давом этишига умид қиламан ва биз масъулиятли манбалар, масъулиятли инвестициялар ва масъулиятли бизнесни қўллаб-қувватламоқчимиз, бу эса, Ўзбекистонда ёшларга иш ва имкониятлар яратади.

-        Cotton Campaign хорижий инвесторлар, тадбиркорларга Ўзбекистонга келишни тавсия қиладими?

-        Авваламбор, биз, одамлар «бойкот» деб атайдиган келишув ҳақида баъзи қарорларни қабул қилишимиз керак ва яқин орада, бир неча ой ичида баъзи қарорларни қабул қиламиз.

Биз бу ерда чет эл бизнесини, чет эл инвестицияларини рағбатлантирадиган, нафақат иш ўринларини яратиш ва иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлайдиган, балки меҳнат ҳуқуқлари, инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлайдиган жамият бўлишини хоҳлаймиз.

Бу Ўзбекистон учун шунчаки муҳим вазифа эмас, бу глобал миқёсда ҳал этилиши керак бўлган вазифа аслида. Инвесторлар ва компаниялар қонун устуворлигини, масъулиятли бошқарувни, фуқаролик жамиятини ҳурмат қилишни, ҳуқуқ ҳимоячилари учун имкониятни кўришни хоҳламоқда.

Аммо, Ўзбекистон бир вақтнинг ўзида иккита муаммо, иккита қийинчиликни енгиши керак. Биринчиси, совет даври ва ҳатто ундан олдинроқ ҳам кузатилган меросни енгиш бўлса, иккинчиси, 21-аср стандартлари ва умидлари билан ҳамнафас бўлган ҳолда жаҳон ҳамжамиятининг тўлақонли аъзоси бўлишдир. Ишончим комилки, Ўзбекистон ҳар икки жараённи ҳам муваффақиятли ортда қолдиради.

Kun.uz