21.01.2023 / O'zbekiston

Ангренда прокурор видеомурожаатидан кейин ўқитувчилар мактабни тозалашга чиқди. Прокурор ўқитувчилардан узр сўради

Ангренда прокурор видеомурожаатидан кейин ўқитувчилар мактабни тозалашга чиқди. Прокурор ўқитувчилардан узр сўради

Ижтимоий тармоқларда Ангрен шаҳрида ўқитувчилар вазифасидан ташқари ишга жалб этилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Тармоқларда Ангрен шаҳар прокурори Улуғбек Қобилжонов мактаблардан бирини кўздан кечираётган вақтда мактаб ҳудуди қордан тозаланмаганидан эътироз билдиргани акс этган видео тарқалди.

«22-мактабдамиз, умуман тозаланмаган қордан. Мана 2-3 кундан кейин мактаб бошланади. Умуман тозаланмаган. Ўқитувчилари ҳам йўқ, ойлик олиб ётишибди, бекордан бекор…

Ҳамма мактаб ўзига хулоса қилсин. 4 та сектор юрибмиз мана. Ҳоким – бош, «началний мелиса»миз. Умуман тозаланмаган.

Хулоса қилинглар, бўлмаса биз хулоса қиламиз»,– деган прокурор ўзи олган видеода.



School English Teachers канали дастлабки видео ортидан прокурор танқидидан кейин ўқитувчилар мактабни тозалашга чиққани ҳақида истеҳзоли пост қолдирган ва суратларни эълон қилган.

«Прокурор сўзи биз учун қонун! Ўқитувчилар тозаламаяпти деб танқид қилгандан сўнг, дарров ўқитувчилар етиб келиб қорларни тозалаб ташлашди. 4 та сектордан ўқитувчиларга яна кимнинг қандай буйруғи бор? Ўқитувчилар йиғилиб турганда айтиб олинглар. Ойлигини ҳалоллаб олишсин!» - дея киноя қилади муаллиф.

Мактабгача ва мактаб таълим вазири Ҳилола Умарова ҳолат юзасидан муносабат билдирди. Унинг сўзларига кўра, вазият Бош прокуратура назоратига олинган.

«Бош прокуратура раҳбарияти билан гаплашдим, ҳолат айни дамда назоратга олинган ва ўрганилмоқда. Президентимизнинг тегишли қарорларига асосан педагог ходимларни хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш қатъиян тақиқланганини эслатиб ўтаман.

Ўқитувчи қадрланмаган юрт ҳеч қачон тараққий этмайди. Шу боис барчадан жумладан мутасадди раҳбарларимиздан бугун давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ўқитувчиларни улуғлаш ва жамиятда энг обрўли инсон қилиш давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаб, бу борада энг аввало ўзимиз ўрнак кўрсатишимизни сўраб қоламан»,– деган янги вазир.

Вазирлик матбуот хизмати президент ўқитувчиларнинг нуфузини ошириш борасида қатор топшириқлар берганини, «Ўқитувчини ҳурмат қилмаганни мен ҳам ҳурмат қилмайман» деган сўзларини эслатган.

Шунингдек, вазирликнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида «Зўрлаб ишлатиш ёки мажбурий меҳнат тўғрисида»ги Конвенциянинг (Женева, 28.06.1930) 6-моддасига асосан маъмурият амалдорлари, ҳатто уларнинг вазифаси уларга ишониб топширилган аҳолини қандайдир меҳнат шакли билан банд қилишга кўмаклашишдан иборат бўлса-да, ушбу аҳоли ёки алоҳида шахсларни хусусий шахслар, компаниялар ёки ташкилотлар учун ишлашга мажбур қилиши мумкин эмаслиги ҳақида пост қўйилган.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, Бош прокуратурага Ўзбекистон ҳудудида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан назоратни кучайтириш, бу борадаги текширувлар самарадорлигини ошириш ва мажбурий меҳнат ҳолатлари аниқланганда эса айбдор шахсларга нисбатан тегишли жавобгарлик чораларини қўллаш тавсия этилган.

UPD: Кейинроқ Тошкент вилояти прокуратураси ҳолат бўйича расмий баёнот бериб, Ангрен шаҳар прокурори фаолиятида йўл қўйган хато ва камчиликлари учун интизомий жазога тортилгани ҳақида маълум қилди.

Шаҳар прокурорининг ўзи ҳолатга изоҳ бериб, ўқитувчилардан узр сўраган:

«Мен Ангрен шаҳри прокурори — иккинчи сектор раҳбари Қобилжонов Улуғбек бўламан. Ўқитувчиларга чуқур ҳурмат сақлаган ҳолда улардан узр сўраб қоламан. Видеом кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Мактабда тозалаш ишларига масъул ишчилар ҳам ўз ишини бажармаганини билдириб, буни бартараф қилиш лозимлигини айтганман. Аслида мен мактаб ҳудудини ўқитувчи ва мураббийларимиз эмас, балки ушбу ишга масъул шахслар бажаришини ташкиллаштиришни сўраганман. Ушбу ҳолатдан қаттиқ афсусдаман, ўқитувчи ва мураббийлардан узр сўраб қоламан», деган прокурор.


  • Эслатиб ўтамиз, 2022 йил декабрида Президент администрацияси ижро этувчи аппаратининг коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шуъба мудири Саида Мирзиёева ўқитувчиларга вазифасидан ташқари ишларни юклайдиганларни маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани ҳақида хабар берганди.
  • Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиеёев парламент ва миллатга мурожаатида Конституцияда ўқитувчи мақоми, унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаб қўйишни таклиф қилганди.
KUN.UZ